ЛУСАКА — Замбия пойтахти. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази. Мамлакатнинг марказий қисмида, 1280 м баландликда жойлашган. Аҳолиси 982 минг кишидан зиёд (1990-й. лар ўрталари). Иклими субэкваториал, ўртача т-ра январда 20,6°, июлда 15,5°; йилига 850 мм чамасида ёғин ёғади. Транспорт йўлларининг муҳим тугуни, т. й. станцияси. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Йирик қ. х. районининг савдо-тақсимот маркази. Енгил, озиқовқат, полиграфия, цемент, металлсозлик саноати корхоналари, ун-т, этнография ин-ти, Африка тадқиқотлар ин-ти, кутубхона, театр, Ливингстон музейи, ботаника боғи бор. Л. 1905 й. да Ливингстон — Брокен-Хилл т. й. даги станция ёнида вужудга келган. Шаҳар эркин режа асосида қурилган. Лусака 1935 й. дан Шим. Родезия Британия протекторати маъмурий маркази. 1964 й. дан мустақил Замбия пойтахти.