ЛУМБИТЕПА — Андижон вилоятининг Марҳамат тумани ҳудудида, қад. Мингтепа ш. харобаси (Марҳамат)дан 6 км ғарбда жойлашган. Лумбитепа тўғри бурчак (65×90 м) шаклда. Жан.-ғарбий бурчагида тўғри бурчак (18×20 м) тарҳли, бал. 3 м бўлган тепалик — қалъа харобаси жойлашган. 1988—89 й. ларда стратиграфик шурф қазилган ва тепаликнинг устки қатлами очиб текширилган. Лумбитепа — кўпқатламли манзилгоҳ бўлиб, қуйи қатламдаги ҳаёт мил. 3 — 4-а. ларга, устки қатламдаги ҳаёт эса, 7—8-а. ларга тўғри келади. Қазишмалар натижасида янги типдаги мустаҳкамланган манзилгоҳ аниқланган. У калинлиги 3 м дан ортиқ ташқи девор билан ўралган, ички қисмида зич қурилган иншоотлар, мол қўраси жойлашган катта ҳовлиси бўлган. Манзилгоҳ девор билан 4 қисмга ажратилган. Катталиги бир хил бўлган хоналардан ўчоқлар чиққан.