ЛУБОК

ЛУБОК (рус) , халқ расмлари — гравюра усулида бажарилиб қўлда бўяб чиқилган ва тушунтириш матни билан тўлдирилган расмлар; Л. тушунарли образи, содда усули, лўнда тасвирий воситалари (дағалроқ штрихи ва ёрқин бўёклари), безакдорлик анъаналарига асосланган ҳикоянавислик хусусияти б-н ажралиб туради (Л. туркумлари, Лубок китоб-картиналари ва б.). Л. халқ ижоди ҳисобланади, айрим фольклор усулларида тайёрланган профессионал графика асарлари ҳам Л . га киритилади. Қад. Л. Хитойда пайдо бўлган ва қўлда яратилган. 8-а. дан ёғоч гравюра (ксияография) лар тарқалган, Европада 15-а. дан маълум бўлган. 17-а. дан мис гравюра, 19-а. дан литография усулидаги Лубок кенг тарқалган. Ижтимоий-инқилобий даврларда Лубокдан публицистик курол сифатида фойдаланилган. Шарқ (хитой, ҳинд) Л. лари ёрқин ва рангдорлиги билан ажралиб туради. Ф. Гойя, О. Домье, Г. Курбе, А. Венецианов, И. Иванов каби профессионал санъаткорлар Лубокнинг айрим усул ва мавзуларидан илҳомланган. Лубок анъаналари 20-а. 20 — 40-й. лари Ўзбекистонда яратилган айрим китоб ва плакатларда учрайди.