ЛОНГФЕЛЛО

ЛОНГФЕЛЛО (Longfellow) Генри Уодсуорт (1807.17.2, Портленд, Мэн штати — 1882.24.3, Кембриж, Массачусетс штати) — америкалик шоир, таржимон. Адвокат оиласида туғилган. 1836—54 й. ларда Гарвард ун-тининг Европа адабиётлари ва тиллари бўйича проф. «Қуллик ҳақида қўшиқлар» (1842) қоратанлиларни қуллиқдан озод қилиш ҳаракати таъсири остида яратилган. «Кўчманчи қушлар» тўпламида (1858) эрксизликни қоралаб, озодликни мадҳ этган. Миллий бўёкларга бой «Эванжелина» (1847), «Майлз Стэндишнинг унаштирилиши» (1858) каби эпик достонлар муаллифи. Лонгфелло ижодида индейсларнинг машҳур афсоналари асосида ёзилган «Гайавати ҳақида қўшиқ» достони (1855) машҳур (бу қаҳрамонлик эпоси ўзбек тилига ҳам таржима қилинган). 1863 й. да Ж. Боккаччо ва Ж. Чосер услубларида «Йўл бўйидаги меҳмонхона ҳикоялари» тўпламини яратган. Л. Европа адабиётларининг таржимони сифатида ҳам танилган. 1846 й. да «Европа шоирлари ва шеърияти» тўпламини нашр эттирди. Бу тўпламга америкалик шоирлар, жумладан, Лонгфеллонинг ўзи ҳам таржима қилган 400 дан ортиқ асар киритилган. 1876 — 79 й. ларда 31 жилддан иборат «Турли ўлкаларнинг шеърлари»ни нашр қилдирди. Ушбу тўпламнинг 20-жилди чор Россияси халқлари адабиётларига бағишланган.