ЛИППС

ЛИППС (Lipps) Теодор (1851.28.7, Валльхальбен, Пфальц —1914.17.10, Мюнхен) — немис файласуфи, психологи. Мюнхен психология мактаби асосчиси. В. Вундт ва Г. Эббингауз билан бир қаторда Липпс 19-а. охиридаги немис психологиясини тизимга солувчи ҳисобланади. Липпс психологияни фалсафа фанлари — мантиқ, ахлоқ ва эстетиканинг асоси деб билди. Кейинчалик Э. Гуссерль феноменологияси таъсирида психологизмни енгиб чиқишга уринди. Санъат психологиясини ишлаб чиқди. Асосий асарлари: «Ахлоқнинг асосий масалалари» (русча нашри, 1905), «Психология қўлланмаси» (русча нашри, 1907) ва б.