КЎРИШ НЕРВИ (nervus opticus) – бош мия нервларининг 2-жуфти. Кўз тўр пардасининг ёруғлик сезувчи ҳужайралари қабул қилган таъсиротлар , К. н. орқали бош мияга ўтади. Кўриш нерви тўр парданинг ганглиоз ҳужайралари толаларидан бошланиб, кўз косасидаги махсус тёшикдан калла бўшлиғига киради. Кўз ичидаги қисми — К. н. сўрғичи ёки диски — кўз соққаси орқа тубининг сал ичкарисида жойлашган. Понасимон суякнинг турк эгари устида бир кўзнинг Кўриш нерви иккинчи кўзнинг Кўриш нерви билан қисман кесишади (кўриш чорраҳасини ҳосил қилади) ва шундан кейин кўриш йўлларига айланиб, бош миянинг пўстлоқ остидаги кўриш дўмбоғига боради, бу ердан таъсиротлар махсус толалардан бош мия пўстлоғи энса қисмининг ички сатҳидаги кўриш марказига боради. Шунда кўз кўради.