КЎЛИ МАЛИК ЖАНГИ

КЎЛИ МАЛИК ЖАНГИ — Бобур б-н шайбонийлар ўртасидаги жанг (1512 й. 28 апр.). Бобур 1511 й. Ҳисорни олади, шу йил ёзида Бухорони эгаллаб, окт. бошида Самарқандни қўлга киритиб, ўз номига хутба ўқиттиради. Бухоро ҳокими Убайдулла султон (қ. Убайдул-лахон), Самарқанд ҳокими Суюнчхўжахон, Муҳаммад Темур султон, Кўчкун-чихон ва Жонибек султонпар Туркистонга қочадилар. Бироқ, Убайдулла султон қўлдан кетган ҳудудларни яна қайта олиш мақсадида 1512 й. 7 апр. да Аҳмад Яссавий мақбараси ёнида йиғин чақириб, Мовароуннаҳрни қайтиб олишга қасамёд қилади, уни фақат Муҳаммад Темур султон ва Жонибек султонлар қўллабқувватлаб, бирга юришга отланишади. 1512 й. апр. охирида Убайдулла султон 3 минг аскар билан Еттиқудуқ орқали Ғиждувонга келади ва Бухорога ҳужум қилади. Бухоро доруғаси Бобурга хабар юборади. Бобур Самарқанддан 40 минг кишилик қўшин билан чиқиб, ҳеч қандай хавфни хотирига келтирмасдан Бухорога яқинлашади. Убайдулла султон шу ерда ҳарбий ҳийла ишлатиб, гўё қочгандек бўлиб, Хоразм йўли томон чекинган ва Бухоро қамалини тўхтатган эди. Бухоро доруғаси Бобурга «ўзбеклар қочди» деб хабар қилганди. Убайдулла султон Бухоронинг Хайробод туманидаги Кўли малик қирғоғида ғафлатда келаётган Бобур лашкарларига тўсатдан ҳужум қилади. Қаттиқ жангдан сўнг Бобур қўшини тормор келтирилади. Бобур Бухорога, эртасига эса Самарқандга чекивади ва вазият мушкуллигини сезиб, бир кундан сўнг оиласини олиб Ҳисор томонга кетади. Убайдулла султон Бухорони эгаллаб, кейин Самарқандга келади ва ўз номига хутба ўқиттиради. Тарихчи олим Рўзбеҳон Исфаҳоний ўзининг «Сулук ул-мулук» асари мукаддимасида: «Одоб юзасидан Убайдуллахон ўзини худди ўлжасини тақсимлаб бермоқчи бўлган овчидай тутди ва катта амакиси Кўчкунчихонга бош хонликни ва пойтахти Самарқанд тахтини берди, Мовароуннаҳрнинг бошқа ердарини ҳам қариндошларига бўлиб берди», деб ёзади.

Шундай қилиб, 1512 й. баҳорида Ўрта Осиё темурийлар қўл остидан буткул чиқиб кетган ва яна шайбонийларга тобе этилган.

Ад.: Мирза Муҳаммад Хайдар,Тарихи Рашиди, Т., 1996; Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1993; Ахмедов Б. А., Историко-географическая литература Средней Азии XVI—XVIII вв., Письменные памятники, Т., 1985.

Фахриддин Ҳасаное.