КЎКСУВ ТИЗМАСИ — Писком тоғ тизмаси (шим.-ғарбда) билан Чатқол тоғ тизмаси (жан.-шарқда) оралиғида (Тошкент вилояти)да жойлашган. Унинг сувайирғич қисмидан Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси давлат чегараси ўтган.
Жан. да Чатқол дарёси водийсидан то Писком тизмаси билан туташган жойгача (Қоратепа тоғи — 3685 м) чўзилган. Ўз. 50 км дан зиёд. Унинг таркибига Чатиртепа, Кенгяйлов тизмалари киради. Энг баланд жойлари жан.-ғарбида 2498 м, марказида 3366 м (Қозонбулоқ тоғи), шим. – шарқида 3673 м (Чатиртепа тоғи). Кўксув ва Чатқол дарёларининг сувайирғичидир. Тизма девон ва карбоннинг охактош ва сланецларидан ва уларга интрўзия сифатида кириб борган гранит, гранодиорит, габбро, сиенит ва б. жинслардан ташкил топган катта антиклиналь структура.
Кўксув тизмаси рельефи Қозонбулоқ тоғигача ўртача баландликда, ундан шим-шарққа томон эса баланд тоғларга хос. Кучли парчаланган, ён бағирлари тик, баъзан кескин кўтарилган. Кўксув дарёси чуқур дарада оқади. Сувайирғич қисмида доимий қорлик ва кичикроқ музликлар мавжуд, дарё ва сойлар, одатда, булоқлардан бошланади. Сувайирғич қисмида ўткир вайзасимон чўққилар бор. 1200—2800 м баландликлар орасида жигарранг, қисман тоғ-ўрмон тупроклари тарқалган, юқориси арчазор, қуйида ёнғоқ, тоғолча, бодом, дўлана ўсади. Тепаларида субальп ва альп ўтлоқлари,тоғ-ўтлоқ-дашт ярим торфли тупроқларни тўнғизсирт (кобрезия) ва бетага, шашир, занжовул ва б. ер бағирлаб ўсувчи ўсимликлар эгаллаган. Тоғ яйловлари маҳсулдорлиги гектарига 6—8 ц.