КЎКАЛДОШ МАДРАСАСИ — Тошкентдаги меъморий ёдгорлик. Шаҳар марказининг Чорсу майдонида жойлашган. Қулбобо Кўкалдош қурдирган (1551—75). Мадраса (умумий ўлчами 62,7 х 44,9 м) бош тарзи жан. га қараган. Дарвозадан кираверишда чапда масжид, ўнгда дарсхона жойлашган. Масжид ва дарсхоналарнинг томи ўзаро кесишган равоқлар устига ўрнатилган гумбазлардан иборат. Миёнсарой 7 гумбазли. Чорси ҳовлиси (38 х 26,9 м) кенг, ҳужралар ва очиқ айвонлар билан ўралган. Ҳовлининг атрофидаги ҳужралар 38 та бўлиб, дарсхона ва масжид билан ўзаро боғланган. Мадраса дастлаб 3 қаватли бўлган. Меъморлар мадрасани безашда, асосан, бинонинг олд томонига эътибор беришган. Пештоқи билан бирга бал. 19,73 м бўлиб, сиркор парчин ва гириҳ нақшлар билан безатилган. Бош тарзининг 2 бурчагидаги гулдасталар тепаси қафаса билан якунланган.
Кўкалдош мадрасаси 18-а. бошларида қаровсиз ҳолга келиб қолган ва карвонсарой омбори сифатида фойдаланилган. 1886 ва 1946 й. лардаги зилзилалар оқибатида вайрон бўлган. Бир неча бор таъмирланиши натижасида мадрасанинг ташқи кўриниши ўзгариб кетган. Кўкалдош мадрасаси ҳужраларидан бирида Фурқат (1889—91) ва Ҳамза (1910— 11) истиқомат қилган, шоир Хислат ва б. таҳсил олган. Мадрасанинг олд томонига анъанавий усулда зинапоя ишланган. 1998 й. дан бинонинг муҳандислик устуворлигини таъминлаш, ташқи ва ички тарзларини асл ҳолига келтириш ва атрофини ободонлаштириш ишлари олиб борилмокда. Кўкалдош мадрасаси Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тасарруфида (1991 й. дан). Бинода шу идорага қарашли ўрта махсус ислом билим юрти жойлашган.