КОНТРАСТЛИК

КОНТРАСТЛИК (франц. contraste — кескин ифодаланган қарама-қаршилик) (психологияда) — объект лар ёки уларнинг бир қисмидаги тафовутларнинг субъектив равишда ошириб идрок этилиши; қарама-қарши сифатга эга бўлган аввалги ёки бир вақтдаги қўзғалиш туфайли сезгирликнинг ўзгариши. Мас, қора ранг оқранг олдида яна ҳам қорароқ кўринади; иссиқ нарсани сезиш кетидан совуққа сезгирлик кучаяди ва ҳ. к. К. табиат ва жамиятнинг турли соҳаларида бевосита акс этиши ҳамда тафовутли жиҳатлари билан воқелик, моддийлик кескин ажралиб туриши мумкин. У ихтиёрсиз равишда вужудга келиши туфайли муваққат нерв боғланишлар механизмига асосланади. Одатда, кўришда, эшитишда, тасвирий ифодаларда Контрастлик учраб турса, иккинчи бир томондан ёруғлик, ранг, ҳажм, кўлам жиҳатидан фотографик Контрастлик физикавий воқеликни акс эттиради. Контрастлик ҳиссий (тимсоллар, тасвирлар, образлар) ва ақлий, мавҳумий (сўз, тушунча, қонуният тариқасида) тарзда намоён бўлади ҳамда жисмлар, ҳодисалар ўртасидаги фарқланувчи аломатларни мужассамлаштиради. Бу ҳол инсон идрокида тимсолнинг қарама-қаршиси пайдо бўлишига олиб келади. Агарда инсон «ширин»ни идрок қилса, унга контраст бўлган «аччиқ» беихтиёр ёдга тўшади. Одам «тинчлик» тушунчасини ўз нутқида қўлласа, ихтиёрсиз тарзда «уруш» атамаси гавдаланади. Характернинг фазилатлари юзасидан мулоҳаза юритилса, албатта, иллатлари ҳам идрок қилинади. Контрастлик инсоннинг салоҳияти, ақл-заковати, турмуш тажрибаси, умумий савияси, табиат ва жамиятга нисбатан муносабатига боғлиқ қонуният сифатида ижтимоий ҳаётда вужудга келаверади ҳамда ҳукм сураверади.

Эргаш Ғозиев.