КОНСОЙ ПОЛИМЕТАЛЛ КОНИ — Тожикистоннинг Суғд вилоятидаги Ғарбий Қорамозор тизмасининг Окурдевон тоғида жойлашган кон. Хўжанд т. й. станциясидан 49 км шим.-шаркда. Консой полиметалл кони машҳур Консой скарнли полиметалл рудали майдонидаги конлар туркумига киради. Королёво, Консой, Қизилқум, Дарбоза, Окурдевон, Шевчуков ва б. полиметалл конларидан иборат. 1925 й. дан мунтазам геологик қидирув тадқиқот ишлари бошланди. 1933 й. дан бошлаб Консой полиметалл конидан руда қазиб олинмокда. Консой полиметалл кони ва гранитоид интрузив массив билан карбонат қатламлари орасида вужудга келган скарн ҳосил бўлиш жараёнлари бевосита боғлиқдир. Рудаларнинг (скарнли галенит-сфалерит пирит таркиби) асосий қисми оҳактошлар орасида ташқил топган.
Юқори палеозой даврида юз берган тектоник ҳаракатлар туфайли Консой полиметалл конида бир неча (Окурдевон, Дарбоза) дарзликлари пайдо бўлган. Кондаги рудалар шу дарзликлар ва уларнинг шим.-шарқий ҳамда шим.-ғарбий тармоқларида 600 м чуқурлиқда жойлашган. Рудалар таркибига кўра, скарн-магнетитли, кумушолтинли ва скарн-галенит-сфалеритли турларга бўлинади. Шу пайтгача фақат охирги турдаги рудалар қазиб олинмокда. Улар Консой полиметалл к-тига қайта ишлаш учун жўнатилади.