КОНВЕРТЕР, конвертор (инг. converto — ўзгартираман, айлантираман) — суюқ чўянга кислород ёки ҳаво юбориб пўлат олинадиган ёки штейнларга ҳаво ёки кислород юбориб қора металл ёхуд рангли металл сульфидлари олинадиган металлургия агрегати; конвертер ишлаб чиқариши қурилмаси. Пўлат олишда, асосан, кислородли Конвертер ишлатилади. Илгари бу мақсадда бессемер ва томас К. лари ишлатилган.
Конвертер нок ёки цилинд-рик кўринишда бўлади. Конвертерни тубидан, ёнидан ва устидан кислород (ҳаво) берилади. Конвертерни махсус механизм билан оғдириб бўғзидан чўян қуйилади, унга флюс, темир-терсаклар солинади. Тайёр маҳсулотлар (пўлат, шлак, газлар) ҳам шу бўғзидан олинади. Бундай Конвертер ларнинг сиғими 400 т гача боради. Штейнлардан маҳсулотлар олинадиган Конвертернинг ичига магнезит ғишти терилади. Конвертернинг бўғзидан штейнлар, флюслар ва б. материаллар солинади. Бунда ҳаво ёки кислород Конвертернинг пастки қисмида жойлашган фурма орқали берилади. Ҳосил бўлган маҳсулот (шлак ва металл) бўғзидан қуйиб олинади (яна қ. Бессемер жараёни, Томас жараёни).