КОМПОТ

КОМПОТ (франц. compote) — 1) қоқи ва ҳўл мевадан қайнатилиб тайёрланадиган яхна ичимлик. Туршак, тоғолча, олма ва б. мевалар қоқисидан Компот тайёрлаш учун мева совуқ сувда ювилгач, кострюлкага солиб, сув қуйилади ва қопқоғи ёпиб қайнатилади. 1 кг қоқига 2 л сув кифоя. Янги мевадан Компот тайёрлашда мева пўсти артилиб, паррак-паррак қилиб тўғралади, шакарли сувга солиниб 10—15 мин. қайнатилади (1 л сувга 500 г мева, 200 г шакар);

2) мевалардан тайёрланадиган консервалар. Дастлаб шакардан 30—50% ли Компот шарбати тайёрланади (30% ли қиём учун 300 г шакар ва 700 г сув). Олма Компот учун танланган олмани совуқ сувда ювиб, бутунлигича ёки 4—8 бўлакка бўлиниб, човлига солинади ва қайноқ сувда 3 мин. пишиб, суви сирқитилади, банкага солиниб, устидан 35% ли қайноқ шарбат қуйилади. Сўнгра банка қопқоғи ёпилиб, ёғоч панжара (таглик) ўрнатилган кострюлкада стерилизация қилинади. 5 кг олма учун 1,75 кг шакар, 4,25 л сув керак. Стерилизация муддати: сув қайнаб чиққандан сўнг ҳар 1 л банка ҳажми учун 20 мин., сўнг банка қопқоғи қопқоқ ёпадиган машинка билан мустаҳкам ёпилади ва тўнтарилган ҳолда совитилади.