КОЛЛОИД ЭРИТМАЛАР

КОЛЛОИД ЭРИТМАЛАР, з о л л а р — заррачаларининг ўлчами 1 нм дан 100 нм гача бўлган юқори дисперс системалар. К. э. газеимон (тутун, будут, туман), суюқ (эмульсиялар) ва қаттиқ (аралашмалар, қаттиқ коллоид эритмалар, рангли шишалар) ҳолатда бўлади. Коллоид эритмалар моно – ва полидисперс ҳолатларда бўлади. Монодисперс ҳолатдаги Коллоид эритмалар фақат синтетик йўл билан олиниши мумкин. Полидисперс Коллоид эритмалар 2 усулда олинади: йирикроқ заррачаларни майдалаш (диспергация усули) ва молекула ёки ионлардан йирикроқ заррачалар ҳосил қилиш, яъни агрегатлаш (конденсация усули).

Диспергация усулида Коллоид эритмалар ҳосил қилиш учун қаттиқ жисм стабилизатор билан бирга кукун қилиб майдаланади ёки электр ёҳуд ультратовуш ёрдамида суюқлик ичида кукунга айлантирилади. Коллоид эритмаларни кислота, асос ва тўзлардан тозалашда диализ, ультрафильтрлаш, электродиализ, ультрацентрифугалаш усулларидан фойдаланилади.

Коллоид эритмалар жуда кичик осмотик босим, сует диффузия ва Броун ҳаракатига эга. Заррачалар зарядли бўлганлиги туфайли, улар электрофорез жараёнида электрод томон ҳаракат қилади.

Ўта юқори дисперсликка эга бўлган Коллоид эритмалар золь деб аталади. Золларни номлашда дисперсион муҳитни ҳосил қилувчи модда асос қилиб олинади: дисперсион муҳит сув бўлса, гидрозоль, органик модда бўлса, органзоль, кейингилари кимёвий таркибига кўра бензозоль, алкозоль ва б. дейилади. Агар дисперсион муҳит газ бўлса, бундай золь аэрозоль, суюқ дисперсион муҳитга эга бўлган золлар эса лиозоллар (юн. lios — суюқлик) деб аталади. Дисперс фаза заррачалари б-н дисперсион муҳит заррачалари орасидаги боғланишга қараб, Коллоид эритмалар лиофоб ва лиофил золларга бўлинади. Лиофоб золларга дисперс платина, кумуш, олтингугурт золлари мисол бўла олади. Лиофил золларда эса бу боғланиш кучли бўлади, уларга оқсил, желатина, пепсин ва юқори молекуляр моддаларнинг эритмалари киради.

Коллоид эритмалар саноат, қ. х. ва тиббиётда муҳим роль ўйнайди. Барча тирик организмлар тўқималари ва ҳужайраларининг асосини ташкил этувчи оқсил, нуклеин кислоталар, крахмал, гликоген каби моддалар Коллоид эритмалар ҳолида учрайди. Тупроқнинг унумдорлиги унинг Коллоид эритмалар хрлидаги қисмининг физик-кимёвий хоссаларига, цемент, чинни, керамика, сир ва бўёқлар сифати уларнинг дисперелик даражаси ҳамда Коллоид эритмаларнинг хоссаларига боғлиқ. Коллоид эритмалар чарм, қоғоз, газлама, сунъий ипак, озиқ-овқат ва б. саноат тармоқларида ҳам кенг қўлланилади.