«КОИНОТ» ИЛМИЙ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БИРЛАШМАСИ (ИИЧБ) коинот сирларини ўрганиш, унинг имкониятларидан фойдаланиш йўлйўриқларини аниқлаш учун зарур асбоб-ускуналар яратиш, айрим телекоммуникация масалаларини ҳал қилиш, машқ тренажёрлари ва халқ ҳўжалиги эҳтиёжлари учун ускуналар яратиш билан шуғулланадиган муассаса. Тошкент умумий машинасозлик бюроси (1969), Тошкент машинасозлик конструкторлик бюроси (1980) негизида Ўзбекистон давлат коинотни тадқиқ этиш агентлиги қошида 1992 й. ташкил қилинган.
Йўналишлари:
1) Қуёш системасидаги жисмлар (сайёралар, уларнинг йўлдошлари, комета ва астероидлар) ни ўрганиш;
2) вазнсизлик ҳолатида моддаларни турли фазаларда яратиш ва улардан кристалл, қотишма ва аморф ҳолатдаги моддалар олиш;
3) коинотда ишлатиладиган ускуналар яратиш. Қуёш системасидаги жисмларни ўрганиш учун «Коинот илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси» ИИЧБ да ЛБ-09 пармалаш ускунаси ишлаб чиқилди. Бу ускуна «Луна24» космик аппарати таркибида Ойга чиқарилиб, Ой сиртини 2 м чуқурликкача пармалаш, ундаги жинс намунасини космик аппаратга жойлаш ишларини бажарди (қ. «Луна»). Бундан ташқари, ВБ-01 пармалаш ускунаси «Венера-13», «В.-14», «В.-15», «В.-16» аппаратлари таркибида Венера сайёрасига чиқарилиб, унинг сиртини пармалаш, тупроқ намуналарини анализ қилиш ва натижаларини Ерга узатиш ишларини бажарди (қ. «Венера»). Шунга ўхшаш Марс ва унинг йўлдоши Фобос дастури бўйича МБ-02, ФБ-01, – 02 ускуналари ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилди.
Дунёда биринчи марта вазнсизлик ҳолатида турли моддалардан кристаллар ўстириш, шиша ва б. қотишмалар синтез қилиш имкониятига эга бўлган аппаратлар («Сплав-01», «Сплав-02», «Бирюза», «Анализ» ва «Гавхар») яратилди. «Коинот илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси» ИИЧБ да диаметри 30 м гача бўлган коинотда очиладиган параболик антенналар, радиотелескоплар (КРТ-30) ёки радиоастронлар (Спектр-01); ўзаядиган штангалар (ПБ-01; – 02; – 03; – 04,) қурилиб синовдан ўтказилди. ПБ-01, ПБ-02 асбобларидан ер магнетизмини ўлчашда фойдаланилмокда. Шавкат Воҳидов.