КИГИЗЧИЛИК — кигиз тайёрлаш касби. Кадимдан, асосан, чорвачилик билан шуғулланадиган халқлар орасида кенг тарқалган. Ўрта Осиё ва Қозоғистон, жумладан, Ўзбекистон ҳудуди (Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона водийси)да кигизнинг гулдор, ифодали ранг-баранг нақшли турлари тайёрланган. Кигизчилик б-н, асосан, аёллар шуғулланади. Ювиб тозаланган ва саваланган жун навлари бўйича (юзлик, оралиқ, орқалиқ) ажратилади. Ҳўлланган жун намат (ёки бўйра) қолип устига текис ёйилади: аввал гули ҳосил қилинади, сўнг оралиқ ва навбати билан орқалиқ қисмлари бир текис ёйиб чиқилади, устидан қайноқ сув қуйилади, сўнг намат (ёки бўйра) думалатиб ўраб йиғилади, арқон билан боғланади. Ўрам оёқ билан тепилади, билакланади, думалатилади, вақт-вақти билан сув сепиб ҳўллаб турилади. Маълум вақтдан сўнг ўрам ечилади, сув сепилади ва яна ўралади ҳамда тайёр бўлгўнга қадар бостириш давом эттирилади. Сўнг тайёр бўлган кигизга сўнгги пардоз берилади, яъни четлари тортилади, текисланади, ортиқча туклари қирқиб ташланади. Кигизчиликда оқ, кулранг ва рангли кигиз хиллари тайёрланган.
Кигизнинг оёқ кийими ичига солинадиган юпқароқ тури (патак тайёрлаш) ҳам Кигизчиликда алоҳида бир соҳани ташкил қилади. 20-а. да саноатда кигиз тайёрлашнинг йўлга қўйилиши Кигизчилик тараққиётини бирмунча сусайишига олиб келди (яна қ. Кигиз босиш).