КЕФАЛЛАР

КЕФАЛЛАР (Muqiliformes) — суякли баликлар туркуми. Уз. 30 см дан 3 м гача, вазни 40 кг гача (барракуда). Жабра пардаси 6—7 ёйли. Сузгичлари тиканли, орқа сузгичи 2 та, қорин сузгичлари 6 нурли. Тангачалари циклоид ёки ктеноид. 3 оиласи, жумладан, кефаллар ва барракудалар, 150 тури маьлум. Тропик ва мўътадил иқлимли денгизларнинг қирғоққа яқинроқ қисмида яшайди. Детрит, бентос ҳайвонлар ва баликлар билан озиқланади. Океанларда лобан ёки сингил, ўткир бурунли кефал, Ҳиндистон кефали ва б. кенг тарқалган. Айрим турлари Узоқ, Шарқ, Қора ва Каспий денгизлари соҳилларида ҳам учрайди. Оғзидаги тишлари махсус чуқурчада жойлашган. Ён чи-зиғи бўлмайди; боши кичик, тепадан пастга қараб сиқилган. Кефаллар жуда тез сузади; сувдан сакраб (учиб) чиқиш хусусиятига эга. Кенг тарқалган лобаннинг уз. 90 см гача, вазни 6,7 кг гача. Бентосдаги чиринди билан озиқланади; 6—7 ёшида вояга етади. Кефаллар саноат аҳамиятига эга.