КЕЛЕС — Қозоғистоннинг Жан. Қозоғистон вилояти ва Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятидаги дарё. Сирдарёнинг ўнг ирмоғи. Уз. 241 км, ҳавзаси майд. 3310 км2. Қоржонтов тизмасидан бошланувчи Жузумдук ва Жегерген сойларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Қоплонбек қишлоғидан қуйироқда жуда саёзланиб қолади. Ҳавзаси паст тоғларда бўлганидан у қадар серсув эмас, дарёнинг текисликка чиқиш жойида (Горний қишлоғи ёнида) ўртача йиллик сув сарфи 5.72 м3/сек. Қор-ёмғир сувларидан тўйинади. Суви фев. дан кўпая бошлайди, апр. да энг кўп, авг. да энг кам бўлади. Келеснинг Уя, Қоржон, Оқпарак ва Кўпак каби ирмоклари бор.