КАТТА АНДИЖОН КАНАЛИ

КАТТА АНДИЖОН КАНАЛИ, Бузрукхўжа Усмонхўжаев номидаги Катта Андижон канали — Фарғона водийсида барпо қилинган йирик суғориш иншооти. Наманган, Андижон, Фарғона вилоятлар қудудидан ўтади. Уз. 109,1 км. Бош қисмида сув сарфи 300 м3/с (амалда 200 м3/с). Учқўрғон ш. яқинида Норин дарёсидан бошланади. Марказий Фарғона бўйлаб Бағдод тумани чегарасига етиб боради. Шим. Бағдод коллекторига ташлама билан тугайди. Канал қурилишида Катта Фарғона каналининг чап соҳил ростлагичи суволгич бош иншоот тарзида фойдаланилган. Умумий суғориш майд. 140,6 минг га. Каналнинг магистрал қисмида ва тармокларида 706 ҳар хил иншоотлар (кўприк, дюкер, акведук, қулоқлар ва ҳ. к.), канал Қорадарёни кесиб ўтиш жойида йирик Чинобод дюкери қурилган. 2,5 км масофадаги тезоқар қисми ўзанига бетон тўшама ётқизилган. Канал қурилиши 1966 й. да бошланган ва дастлаб Марказий Фарғона канали деб аталган. 1970 й. да Катта Андижон Канали тўла ишга туширилган. Унинг Охунбобоев (уз. 23 км), Аччиқкўл (уз. 22 км), Сўх (23 км) тармоклари суви Марказий Фарғонадаги эскидан ўзлаштирилган ва илгари Катта Фарғона каналидан суғорилган 80 минг га ерни ва янги ўзлаштирилган 61 минг га ерни сув билан таъминлайди.

Канал сувидан Наманган вилоятининг Уйчи, Наманган туманлари (44,0 минг га); Андижон вилоятининг Баликчи, Улуғнор, Шаҳрихон, Асака туманлари (44,6 минг га); Фаргона вилоятининг Охунбобоев, Учкўприк, Бағдод ва Риштон туманлари (52,0 минг га) экин майдонларини суғоришда фойдаланилади. Каналга 1977 й. да Ўзбекистонда ирригация қурилишининг фаол намояндаларидан бири Бузрукхўжа Усмонхўжаев номи берилган.