КАНБЕРРА

КАНБЕРРА — Австралия Иттифоқи пойтахти. Шаҳар атрофи билан алоҳида маъмурий бирлик — Австралия пойтахт ҳудудини ташкил этади. Мамлакатнинг жан.-шарқий қисмида, Берли-Гриффин кўли соҳилида жойлашган. Иқлими субтропик континентал иқлим. Июлнинг ўртача т-раси 5,9°, янв. ники 20,7°. Ўртача йиллик ёғин 620 мм. Аҳолиси 310 минг киши (1999).

Мамлакатнинг муҳим маъмурий, маданий ва илмий маркази. 1927 й. дан парламент ва ҳукумат қароргоҳи. Автомобиль йўллари ва авиа алоқалар тугуни, т. й. станцияси. Канберрада ҳукумат идоралари, миллий ва чет эл монополияси ва савдо фирмалари ваколатхоналари жойлашган. Озиқ-овқат, енгил, полиграфия саноати корхоналари мавжуд. Иқтисодида туризм муҳим ўрин эгаллайди. Австралия миллий ун-ти, тех. коллежи, ўрмончилик академияси, Австралия ФА, Миллий кутубхона, консерватория бор. К. яқинидаги Маунт-Стромло тоғида йирик астрономия расадхонаси жойлашган. Шаҳар 1913 й. дан америкалик меъмор — У. Б. Гриффин режаси бўйича пойтахт шаҳар сифатида қурила бошлаган. Парламент уйи (1927), Миллий ун-т (1952) ва б. турли меъморий бинолар (1975) замонавий услубда қурилган.