КАМПАНЕЛЛА

КАМПАНЕЛЛА (Campanella) Томмазо (1568.5.9, Стило, Италия – 1639. 21.5, Париж) — итальян файласуфи, шоир, сиёсий арбоб, коммунистик утопия ижодчиси. 14 ёшидан доминикчироҳибликни қабул қилган. «Сезгилар ёрдамида исботланган фалсафа» асарида Б. Телезио натурфалсафасини ҳимоя қилган. Бир неча марта бидъатчиликда айбланган. 1598—99 й. ларда Калабрияда испан босқинчиларига қарши исён уюштиргани учун умрбод қамоққа ҳукм қилинди. 27 й. қамоқда ётиб, фалсафа, сиёсат, фалакиёт, тиббиётга оид ўнлаб асарлар езди. 1629 й. қамоқдан озод этилди. Кампанелла табиатни тажриба йўли билан билиш тарафдори эди. Унинг фикрича, хулқнинг олий мақсади — шахсий ҳаётни эҳтиёт қилмоқ ва таъминламоқдир. Ирода батамом ҳукмронликка йўналтирилиши лозим; хукмронликка билим орқали эришилади, билим эса бутун тарбиянинг асосига қурилган бўлиши керак. Кампанелланинг «Қуёш шаҳри» (1602) асари денгизчининг ҳикояси шаклида ёзилган бўлиб, унда олимкоҳинлар табақаси томонидан бошқарилувчи идеал жамоа баён қилинган (жамоада хусусий мулк ва оила бўлмай-ди, болалар давлат томонидан тарбияланади, ҳамма учун мажбурий меҳнат 4 соатлик иш кунидан иборат қилиб жорий этилади, фан ва маориф тарак,қий этади). Лирик шеърлар, сонетлар муаллифи.