КАМБАЛАСИМОНЛАР

КАМБАЛАСИМОНЛАР (Pleuronecti-formes) — суякли балиқлар туркуми. Вояга етган даврида танаси асимметрик сиқилган, япалоқ бўлади. Уз. 6 см дан 4,7 м гача, вазни бир неча г дан 330 кг гача. Жабра пардаси 6—7 нурли. Сузгич пуфаги бўлмайди, сузгич қанотларида тиканлари, одатда, ривожланмаган, қорин сузгичлари 5—6 нурли, тангачалари циклоид ёки ктеноид типда. Иккала кўзи ҳам бошининг бир томонида; бош суяги, жуфт сузгичлари, оғзи, нерв ва ички органлари асимметрик тузилган. 7 оила (жумладан, камбалалар, ботуссимонлар, денгиз тиллари ва б.), 500 га яқин турни ўз ичига олади. Арктикадан субантарктикагача бўлган барча денгизларда тарқалган. Денгизнинг саёз қисмида сув тубида яшайди. Зообентос б-н озиқланади. Йирик турлари, мас, пальтуслар ва 6. йиртқич (баликларни ейди) овланади.