КАЛЬЦИЙ НАСОСИ — плазматик мембранада фаолият кўрсатувчи дамлагичлардан бири. Эукариот хужайралар мембранасининг ички томонида кальий миқдори ташқарисига нисбатан жуда оз бўлади. Ташқи таъсирни плазматик мембрана орқали ҳужайранинг ички қисмига етказишда кальций катионлари муҳим аҳамиятга эга. Ташқи таъсирга жавобан кальций катионлари оқими шиддат билан ҳужайранинг ички қисмига ўта бошлайди. Бу вақтда Кальций насоси ҳужайрадаги кальций градиентини сақлаш учун уни фаол равишда ҳужайра ташқарисига чиқаради. Кальций насоси вазифасини ҳужайрада Са-АТФ аза ферменти бажариши аниқланган. Мускул ҳужайраларининг саркоплазмасида мембрана билан боғланган Кальций насоси мавжуд Кальций насоси кальцийнинг цитоплазмадан саркоплазма найчаларига ўтишини таъминлайди. Кальций катионларининг тескари ҳаракати, яъни саркоплазмадан цитоплазмага ўтиши эса мускулларнинг қисқаришини тезлаштиради.