ЖОНИБЕК СУЛТОН (тўлиқ исми: Жонибек ибн Хожа Муҳаммад ибн Абулхайрхон) (? — 1529.20.3, Миёнкол) — шайбонийларпан. Абулхайрхоннинг невараси, Муҳаммад Шайбонийхоннинг амакиваччаси. 16-а. бошида Шайбонийхон қўшини таркибида Мовароуннахрни эгаллашда иштирок этган. Шайбонийхон томонидан Фарғона (Ахси) ҳокими этиб тайинланган (150309), сўнгра (1510 й. дан) Карманада ўғиллари билан ҳукмронлик қилган. Жонибек султон фарғоналик пири — Жалолиддин Аҳмад Косоний — Махдуми Аъзамни Карманага чақиртириб олган (1514—16). Шайбонийхон вафоти (1510 й. дек.)дан сўнг Мовароуннаҳрга юриш қилган Бобур 1511 й. окт. да Самарқандни қўлга киритади. Жонибек султон бошқа шайбоний султонлар қатори Туркистонга қочган. 1512 й. Убайдулло султон (қ. Убайдуллахон) б-н бирга Мовароуннахрга қайтиб Кўли Малик жангида Бобурни енгиб Бухоро ва Самарқандни эгаллашда иштирок этган. Бобур сафавийлардан ҳарбий қўшин (Нажми Соний бошчилигидаги қўшин) олиб Жонибек султон турган Ғиждувонни қамал қилади (1512). Жонибек султоннинг оз сонли қўшини қалъадан чиқиб тенгсиз тўқнашувда Бобурдан енгилади. Бироқ Убайдулло султоннинг пухта ҳарбий режаси туфайли шайбонийлар ғалаба қиладилар (қ. Ғиждувон жанги). Шоир Подшоҳхожа (1480 — 1545) Жонибек султонга атаб «Мақсад улатвор» достонини ёзган (1515—20).
Манба: Ҳасанхожа Нисорий, Музаккири аҳбоб, Т., 1993; Ҳофиз Таниш АлБухорий, Абдулланома, 1-ж., Т., 1999.
Ад.: Ахмедов Б. А., Историко-географическая литература Средней Азии XVI — XVIIIbb., Т., 1985; Материалы по истории казахских ханств XV—XVIII веков, Алма-Ата, 1969; Бартольд В. В., Сочинения, 2 т., часть 2, М., 1964. Фахриддин Ҳасанов.