ЖИЛОВДОР — ўтмишда ҳукмдор отини қабул қилиб олувчи шахc. Ж. ҳукмдор отини жиловлаш билан бирга, унинг отга миниши ва тушишига кўмаклашган. Жиловдор ҳоким отхонасига яқин хонада истиқомат қилган ва бу хона жиловхона деб аталган. Ҳукмдор қароргоҳига келган меҳмонларнинг отларини Жиловдор олиб қолиб, то ўз юртига қайтгунига қадар озиқлантирган. Ҳар бир вилоят ҳокимининг махсус Жиловдори бўлган. Бухоро амирлигида Жиловдор сарой мансабларидан бири ҳисобланиб, ўз вазифасига кўра зинбардор «отни эгарловчи», аврангбардор «сафар тахти (курси) ни кўтариб юрувчи» ҳамда роиз «отларни парвариш қилувчи, отбоқар» билан тенг мавқега эга бўлган.