ЖИЗЗАХ ДОН МАҲСУЛОТЛАРИ АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ

«ЖИЗЗАХ ДОН МАҲСУЛОТЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ — озиқовқат саноати корхонаси. Жиззах вилояти Жиззах туманида жойлашган. «Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик корпорацияси таркибига киради. 1972 й. да ишга туширилган. Асосан ун, аралаш ем ва макарон ишлаб чиқаради. Корхона суткасига 240 т буғдой уни, 210 т аралаш ем, 180 кг макарон ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона 1972—83 й. ларда Жиззах ун к-ти, 1983 — 92 й. ларда Жиззах дон маҳсулотлари к-ти, 1992—95 й. ларда «Жиззах дон маҳсулотлари» и. ч. бирлашмасининг бош корхонаси, 1995 й. дан ҳоз. номда ва очиқ турдаги акциядорлик жамияти. 1972 й. корхонада 47 минг т сиғимга эга элеватор (дон сақлаш бўлими), 2 минг тун сақлашга мўлжалланган омборхона қурилган, 1976 й. дан 17 минг т сиғимга эга элеватор ишлайди. Корхона Швейцариянинг «Бюллер» фирмаси технологик ускуналари билан жиҳозланган.