ЖАҲОНОБОД МАСЖИДИ

ЖАҲОНОБОД МАСЖИДИ — Фарғона вилояти Риштон туманидаги меъморий ёдгорлик (1912). Маҳаллий бой Мадалибобо буюртмаси билан Исабой Ҳожи ўғли раҳбарлигида қурилган. Масжид тарҳи 15,2×15,6 м, икки устунли хона ва унинг олдида (шарқ томонга туташ) қурилган айвондан иборат. Хонақоҳ ва айвон ички деворлари ганч билан сувалган. Мехроб ва токчалари бор. Айвон деворидаги намоёнлар манзарали нақш гуллар, шифт эса гириҳ, ҳовузак, муқарнас билан безатилган. Жаҳонобод масжидини қўқонлик наққошлар уста Бойбобо ва унинг ўғли Ғани безаган.