ЖАҲОНГИРШОҲ

ЖАҲОНГИРШОҲ Нуриддин (1569 — 1627) — Ҳиндистондаги Бобурийлар давлатининт тўртинчи қукмдори (1605— 27), Акбарнинт ўғли. Асл исми Султон Салим. Жаҳонгиршоҳ давлатни идора этиш юзасидан «Ўн икки дастур» эълон қилган. Дастурга, асосан, деҳқонларга ношаръий солиқлар солиш, маҳаллий ҳокимларга савдогарларнинг молларини очиб кўриш, гуноҳкорларнинг қулоқ-бурунларини кесиш, шароб и. ч., маълум кундан бўлак вақтда жониворларни сўйиш, туғилган қизларни ўлдириш (Рожастхонда), солиқ ҳисобига болаларни тортиб олиш (Бенгалияда) ва б. ман этилган. Жаҳонгиршоҳ даврида империя таркибига Мевар (1614), Ақмаднагар (1620), Бижапур ва Голконда (1621) ҳамда Панжоб (бир қисми) қўшиб олинди. Жаҳонгиршоҳ давлатни ҳинд рожалари билан келишиб идора қилишга интилди. Жаҳонгиршоҳ даврида тасвирий санъат, миниатюра ва адабиёт ривож топди, бир неча мақбара, жумладан Акбар мақбараси қурилди. Жаҳонгиршоҳнинг ўзи ҳам шеърлар ёзган. Унинг «Жаҳонгирнома» асари машҳур. Салтанатининг сўнгги йилларида давлат ишларини хотини Нуржаҳон бегим бошқарган.