ИЧКУЁВ — никоҳдан сўнг келиннинг отасиникида яшайдиган куёв. И. Шарқда, хусусан, Ўрта Осиё халқлари ўртасида тарқалган. Ичкуёвнинг пайдо бўлиши катта омланинг емирилиб, унинг ўрнида кичик оила (қалин тўлашга асосланган никоҳ) нинг пайдо бўлиш даврига тўғри келади. Баъзи халқларда матрилокал жойлашув асосий ўринда туради (қ. Никоҳ). Ичкуёвлик Осиё ва Афри-кадаги кўпгина халқларда ҳозиргача турли шаклларда сақланиб келмоқда. Ўрта Осиё халқларида бу жараён мил. 1минг йилликнинг 2-ярмидан бошланган. Ичкуёв ликнинг турларидан бири ишлаб беришдир. Ўтмишда қалин тўлашга қурби етмайдиган йигит бўлғуси қайнотаси уйида туриб, маълум муддат ишлаб беришга рози бўлар, бу муддат тугагач, қалин мажбуриятидан озод бўларди. Ичкуёв ликнинг яна бир тури — куёвнинг келин оиласига киришидир. Бундай ҳол ўзбекларда кўч куёв (кучидан фойдаланиш мумкин бўлган куёв), тожикларда хонадомод (уй куёв) деб аталади. Ҳоз. даврга келиб Ичкуёвлик мазмунан ўзгарди. Ишлаб бериш орқали Ичкуёв бўлиш одати тамоман тугади. Ягона қизи бўлган (ёки қизи билан қолган) кекса ота-она куёвни Ичкуёв қилмоқчи бўлса, уни тенг ҳуқуқли, яъни ўз ўғли-дай, ҳатто, оилага бошлиқ қилиб қабул қилади.