ГУЛ БАЙРАМИ

ГУЛ БАЙРАМИ — Ўзбекистонда баҳор фаслида гулга бағишланган сайиллар. Бундай байрамлар тоғ бағрида, қир-адирларда, боғларда ўтказилган. Гул байрами дунёда кенг тарқалган анъаналардан биридир. Кўпгина мамлакатларда гулларга бағишланган, жумладан Грецияда сунбул, Японияда хризантема, Францияда марваридгул, Ҳиндистонда атиргулларга бағишланган махсус байрамлар мавжуд. 1) ҳар йили кўкламда оила аъзолари ва ёр-биродарларнинг лолазорларга сайил қилиши, лола териб, хурсандчилик қилиш мақсадида ўтказиладиган дам олиш одати. Бу сайиллар «қизил гул сайли», «лола сайли», «сумбула сайли», «бойчечак», Самарқандда мевали дарахтлар, жумладан беҳи гуллаганда — «беҳи гули сайли» («сайл гули беҳи»), Зарафшон водийсида «бойчечак гулгардони», Бухорода гуллар очилиб, булбуллар сайраган вақтда — «Гулгардони булбулхон» («Булбул қўшиғи») сингари номлар билан машҳур бўлган;

2) гул ва чечаклар авжи очилган чоғда истироҳат боғларида ташкил этиладиган энг яхши гул намуналари кўриги. Бундай кўрикларни республикамизнинг Тошкент, Наманган ва б. шаҳарларида ҳар йил ўтказиш анъанага айланган. Бу Г. б. да давлат гулчилик хўжаликларида етиштирилган ҳамда хусусий гулчилар етиштирган гул навлари намуналари намойиш қилинади. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Ад.: Қорабоев У., Ўзбекистан байрамлари, Т., 1991.