ГРЕКЛАР

ГРЕКЛАР (ўзларини эллинес деб атайдилар) — халқ, Греция ва Кипрнинг асосий аҳолиси. Умумий сони 12,5 млн. киши (1990-й. лар ўрталари). Жумладан Грецияда 9,7 млн. киши, Кипрда 570 минг киши, АКШда 550 минг киши, Германияда 300 минг киши, Канадада 150 минг киши, РФда 92 минг киши ва б. Грек (янги грек) тилида сўзлашади. Диндорлари — асосан православлар. Европеоид ирқига мансуб.

Греклар кўп аерлик тарихга эга халқ (қ. Юнонистон). Қад. грек элати мил. ав. 2-минг йилликнинг бошларида Болқон я. о. га қад. грек қабилалари — ахейлар ва ионийлар, мил. ав. 12-а. да эса — дорийлар кўчиб келиб, маҳаллий туб аҳоли (пеласглар ва б.) билан қўшилиб кетиши натижасида шакллана бошлаган. Грек колонизацияси даврида (мил. ав. 8—6-а. лар) улар ўзларини «эллинлар» деб атай бошлаганлар. Ўрта асрларда эллинлар негизида ва валахлар, славянлар (6—7-а. лар), албанлар (13 — 15-а. лар) иштирокида янги грек халқи шаклланди. Греклар деҳқончиликда асосан узум, тамаки, зайтун, цитрус мевалари, ғаллачилик, тоғлик туманларда чорвачилик, денгиз бўйларида балиқчилик билан шуғулланадилар. Кустар ҳунармандчилик (гилам тўқиш, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик) ривожланган. Грекларнинг катта қисми саноат, савдо ва транспортда банд. Г. нинг тарихи, иқтисоди ва маданияти ҳақида Греция мақоласига қаранг.