ГОМОЦЕНТРИК НУРЛАР ДАСТАСИ (гомо… ва лот. centrum — марказ) — ёруғлик нурлари ёки уларнинг давоми бир нуқтада кесишадиган нурлар дастаси. Нурларнинг тупланиш ёки тарқалиш нуқтаси фокус дейилади. Нурларга нисбатан тўлқин сирт ортогонал (сферик сирт) бўлгани учун Гомоцентрик нурлар дастасига сферик тўлқин сирт мос келади. Гомоцентрик нурлар дастасининг хусусий ҳоли параллел нурлар дастаси бўлиб, унга чексизликда ётувчи фокус ва текис тулқин сирт мос келади. Агар ихтиёрий эгри сирт элементларидан тарқалаётган нурлар бир-бирига тик икки тўғри чизиқ (фокал чизиқ)да ётувчи нуқталарда кесишса, бундай нурлар астигматик нурлар дейилади. Астигматик нурлар дастаси ҳеч қаерда нуқтали фокус ҳосил қилмайди. Фокал чизиқлар орасидаги масофа астигматик фарқ деб аталади. Астигматик фарқ камая борса, фокал чизиклар бир-бирига яқинлашади ва улар қисқара бориб, устма-уст тушади, натижада астигматик нур Г. н. д. га айланади. Дифракция ҳодисаси туфайли аниқ Гомоцентрик нурлар дастасини ҳосил қилиш қийин. Гомоцентрик нурлар дастаси оптик системадан ўтганда яна Г. н. д. ҳосил бўлса, оптик система аниқ тасвир ҳосил қилади. Фотография, радиотехника ва б. соҳаларда Гомоцентрик нурлар дастасининг амалий аҳамияти катта.