ГОЛЬФСТРИМ

ГОЛЬФСТРИМ (инг. Gulf Stream – қўлтиқ оқими) — Атлантика океанининг шим. қисмидаги илиқ оқим. Аслида Гольфстрим бир қанча илиқ оқимлардан иборат бўлиб, Флорида я. о. қирғоғидан Шпицберген ва Новая Земля о. ларигача 10 минг км масофага оқиб боради. Гольфстрим дастлаб Флорида қўлтиғининг жан. қисмида ҳосил бўлади. Пассат шамоли сувни Юкатан бўғози орқали Мексика қўлтиғига ҳайдайди ва оқибатда Мексика қўлтиғи суви сатҳи б-н Атлантика океанининг шу атрофдаги қисми сатҳида каттагина фарқ вужудга келади. Океанга кираверишда оқим ҳажми секундига 25 млн. м3 (суткасига 2160 км3) га етади, бу эса бутун Ер шаридаги барча дарёларнинг сув сарфидан 20 марта ортиқдир. Океанда бу оқим Антил оқими билан қўшилади, шундан сўнг 38° ш. к. да Гольфстримда секундига 82 млн. м3 сув оқади. Гольфстрим океанда соатига 6 км (баъзан 10 км) тезлик билан шимолга караб Шим. Америка материги соҳили бўйлаб ўтади. Оқимнинг эни жан. да 75 км, Хаттерас бурни яқинида 110—120 км, қалинлиги 700—800 м. Г. жуда кўп иссиқлик ҳамда туз олиб келади. Сув юзасида ўртача йиллик т-ра 25—26°, шўрлиги 36,2—36,4%», 400 м чуқурликда 10—12°, Ньюфаундленд саёзлигининг жан. чеккаси ёнида Гольфстримга шимолдан совуқ Лабрадор оқими яқинлашиб келади. Ана шу ерда икки хил сув аралашади ва юза қатламдаги сув пастга тушади. Тахминан 40° ғ. у. да Гольфстрим Шимолий Атлантика оқими номини олади, бу оқим ғарбий ва жан.ғарбий шамоллар таъсирида Океании ғарбдан шарққа кесиб ўтади ва Европа яқинида аста-секин шим.-шарққа бурилади. Томсон портига яқинлашганда Шим. Атлантика оқимидан Ирмингер илиқ оқими ажралиб чиқиб, Баффин денгизи томон кетади. Шим. Атлантика оқимининг асосий қисми Норвегия денгизидан чиққач, Шпицберген оқими номини олади ва Скандинавия я. о. нинг ғарбий қирғоғи бўйлаб шим. га қараб кетади, шундан сўнг Шпицберген о. ларининг ғарбий қирғоғи яқинидан ўтиб, Шпицбергендан шим. да бу оқим пастга тушиб кетади ва Шим. Муз океанидан яна бир оз сезилиб туради. Гольфстрим ва унинг давоми бўлган илиқ оқимлар Шим. Муз океани ва унинг денгизлари сувига, органик дунёсига, Европанинг Атлантика океанига яқин мамлакатлари иқлимига катта таъсир этади. Илиқ сув Европа ҳавосини илитиб туради.