ГИПЕРКЕРАТОЗ (гипер… ва юн. keratos — мугуз, шох модда) — тери мугуз қаватининг қалин тортиб каттиклашиши. Ташқи (узоқ вақт босилиб туриш, ишқаланиш, ва б.) ҳамда ички (эндокрин безлар функциясининг бузилиши, А гиповитаминоз) омиллар келтириб чиқариши мумкин. Гиперкератозда мугуз тангачалар, каттакичик тугунчалар, бўртмачалар пайдо бўлади; тери қурийди, бемор кам терлайди. Терининг мугуз қавати ёрилади, пуст ташлайди, баъзан оғрийди. Гиперкератоз чекланган (қадоқ, сўгал, кератома) ва диффуз, яъни кўп жойга ёки бутун бадан терисига тарқалган бўлади. Беморни содали ёки совунли ванналар, витамин А, терининг мугуз қаватини юмшатиб, шилиб туширадиган мазлар билан даволанилади.