ГИДРОФОН (гидро… ва фон) — сув остида товуш тебранишлари ва ультратовуш (УТ) сигналларини қабул қиладиган ва уларни электр тебранишларга айлантирадиган курилма. Сув остидаги сигналларни тутиш ва шовқинларни эшитиш, сув остида масофаларни ўлчаш мақсадларида қўлланилади, йўналтирилган гидроакустик антеннанинг бир қисми ҳисобланади. Электродинамик, пьезоэлектрик ва магнитострикцион эффектларга асосланган Гидрофон лардан кенг фойдаланилади. Гидрофоннинг энг муҳим кўрсаткичи — сезгирлик; унинг сезгир элементлари (ўзаклари) юпқа пластиналардан йиғилади. Гидрофон гидроакустик қурилмалар (гидролокатор, шовқин пеленгаторлари, акустик мина портлатгичлар ва б.)да ишлатилади.