ГИДРОМЕТАЛЛУРГИЯ (гидро… ва металлургия) — кимёвий элементларнинг сувдаги эритмаси ёрдамида хом ашё (руда ва баъзи саноат чиқиндилари) дан рангли металларни ажратиб олиш. Гидрометаллургия бирин-кетин бажариладиган қуйидаги технологик юмушларни уз ичига олади: рудага механик ишлов бериш, кимёвий ишлов бериш, чўктириш (тиндириш), металлни ажратиб олиш. Рангли металларни ажратиб олиш учун хом ашё майдаланади, майдаланган хом ашё хлорловчи, оксидловчи ва қайтарувчи муҳитларда куйдирилади, қовуштирилади, сўнгра эритувчи бирикма билан ишланади. Натижада пульпа (майдаланган руданинг эритувчи билан аралашмаси) ҳосил бўлади. Эритувчи бирикма сифатида сульфат кислота, сода, ўювчи натрий, аммиак, цианид ва хлоридлар, натрий сульфид ва б. нин г сувдаги эритмаси ишлатилади. Эритувчи бирикмадаги металл эритмалари шлам (таркибида металл бўлмаган майда қўшимчалар) дан ажратилади. Бунинг учун пульпа қуритилади, сўнгра тиндириш қурилмалари ва фильтрларда ювилади. Эритувчи бирикмадаги металл эритмалари чанларда (крестовина ва куракчалар ўрнатилган вал ёрдамида) ва кимёвий усул билан (рух, алюминий кукунлари таъсир эттириб) чўкмаган зарралар ва зарарли қўшимчалардан тозаланади. Металл ва унинг бирикмалари эритмадан чўктириб олинади. Бу жараёнда электролиз, цементитлаш, сорбция (ион алмашувчи қатронлар ёки кумир ёрдамида), суюқ экстракция (органик эритувчилар ёрдамида) усуллари татбиқ этилади. Чўкинди металл ва унинг кимёвий бирикмалари қайта ишланиб, тоза металл (мис, рух, кумуш, олтин ва б.) ёки шунга яқин маҳсулот олинади. Бунинг учун чўкинди қайта кристалланади, буғга айлангунга қадар қиздирилади, қайта эритилади ва электролизланади. Гидрометаллургия усулида олтин, мис, қўрғошин, рух, вольфрам ва б. рангли металлар олинади (қ. Асл металлар. Гидролиз, Электролиз).