ГИДРОЛОГИК ТАРМОҚЛАР — сув манбалари (дарё, кўл, сув омбори, канал)нинг гидрологик режимини ўрганиш мақсадида гидрологик кузатишлар олиб борадиган махсус манзиллар (гидрологик станция, гидрологик кузатув манзили) мажмуи. Ўзбекистондаги Гидрологик тармоқларнинг асосий қисми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология Бош бошқармаси (Бошгидромет) тасарруфида. Умумдавлат Гидрологик тармоқлардан ташқари айрим муассасалар (мас, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва б.) га қарашли аниқ мақсад ва вазифаларни кўзлаб иш юритадиган гидрологик ст-я ва кузатув манзиллари мавжуд. Ўзбекистан ҳудудида дастлабки гидрологик манзил 1896 й. Норин дарёси (Учқўрғон яқини) да ташкил этилган. 1901 й. дан Чирчиқ дарёси (Хўжакент қишлоғи яқини)да, 1913 й. дан эса Амударё (Нукус яқини) да ташкил этилган манзилларда Доимий гидрологик кузатишлар олиб борилади. Кузатиш манзиллари сони йил сайин ортиб борди. 2000 й. да 120 дан ортиқ гидрологик ст-я ва кузатув манзили ишлади. Юза сувларнинг сифатини кузатиш ҳам Гидрологик тармоқлар (70 та дарё ва сойда, 11 та сув омборида, 114 та кузатиш жойи)да амалга оширилади. Уларда 65 гидрокимёвий ва 3 гидробиологик кўрсаткичлар аниқланади (2000). Гидрологик тармоқларда тўпланган маълумотлар айрим табиий ёки маъмурий ҳудудлар сув захиралари миқдорини ва сифатини баҳолашда ҳамда улардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.