ГЕОГРАФИК БАШОРАТ

ГЕОГРАФИК БАШОРАТ — табиий муҳит ва худудий и. ч. системаларининг ўзгариш йўналишларига илмий асосланган ҳолда олдиндан кўра билиш. Географик башорат тадқиқот предмети ёки жараённинг ўзгариши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилишдан иборат. Башорат муддатлари мақсадга қараб 1 суткадан 15 йилгача, гоҳо 15 йилдан ҳам кўп булиши мумкин. Географик башоратда умумилмий (мантиқий, системали, мутахассислар баҳоси ва б.) ва махсус географик (системалараро, системали, даврийлик, ландшафт индикацияси, палеогеографик ва ҳ. к) усуллар кенг қулланилади. Географик башоратда глобал (сайёравий) миқёсдаги башоратлаштириш амалий аҳамиятга эга, чунки инсон хўжалик фаолияти натижасида турли хил чиқиндилар чиқарилаётганлиги туфайли ҳаво ва сув ҳавзаларининг ифлосланиш даражаси тобора хавфли бўлиб бормоқда. Ҳавога кўплаб углеводород, олтингугурт, чанг ва б. кимёвий чиқиндиларнинг чиқарилиши сабабли Ер юзида ҳавонинг ўртача т-раси 1890 й. даги 14,5» дан 1980 й. 15,2° гача ошишига сабаб бўлди, бу миқцор 2001 й. да 1,2° ва 2050 й. да 4° гача кўтарилиши башорат қилинмокда. Бу ҳол, одатда, дунё «иссиқхона эффект» билан боғлиқ. Ҳаво т-раси ортиб бориши қутблардаги музликларнинг эришини тезлаштиради ва Дунё океани сатҳининг кўтарилишига таъсир этади. Ҳавода углероднинг ортиб бориши нам тропик ўрмонларнинг аёвсиз кесилиши, органик ёқилғиларнинг куплаб ёқилиши ва автомобиль транспорта фаолияти билан боғлиқ. Айниқса, озон қатламининг юпқаланиши, чўл зоналарининг кенгайиб бораётганлиги, дунё океанининг ифлосланишини тадқиқ қилишда сайёравий башоратнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ўлка миқёсидаги башорат натижалари маълум ҳудудлар бўйича амалга оширилади (Ўрта денгиз, Каспий денгизи, Орол денгизи, «ишқорли» ёмғир муаммолари). Маҳаллий башорат айрим саноат корхоналари, сув ҳавзалари, шаҳарлар, воҳалар бўйича тайёрланади. Географик башорат натижаларига кўра олдиндан тегишли чора-тадбирларни қўллаш эҳтимол тутилаётган нохуш ҳодиса ва жараёнларнинг олдини олиш имконини беради.

Асомиддин Рафиқов.