ГАСТЕРОМИЦЕТЛАР (юн. gasteros – меъда, қорин ва mykes — замбуруғ) — базидияли замбуруғларнинг холобазидиялар кенжа синфига мансуб тартиблар гуруҳи. Гастеромицетларнинг кўпчилиги серчиринди тупроқларда сапрофит ҳолда ўсади. Мева таналари ёпиқ, юмалоқ, тухумсимон ёки анжирсимон бўлиб, тупроқ остида ёки тупроқ устида ўтроқ ҳолда, аиримлари эса махсус оёқчалар устида жойлашган. Мева таналари ичида беҳисоб базидиоспоралар етишади; қобиғи маълум жойларидан ёки умумий ҳолда ёрилгач, споралар атрофга тарқалади. Гастеромицетларга ер юлдузи (Geaster), ер хина (Bovista) мисол бўла олади.