ГАНЖА-ҚОРАБОҒ, Ганжий Қорабох (жой номидан) — икки қисмдан иборат хоразмча (рақсбоп) лирик қўшиқ. Биринчи қисми 3/4 ўлчовидаги вазминроқ дойра усулида, иккинчи қисми эса ундан жонлироқ 6/8 ўлчовидаги хафиф усулида ижро этилади. Лапар йўлидаги Г.-Қ. нинг чолғу ва ашула йўллари, айниқса Тамарахоним ижросида машҳур бўлган. Буларни композитор М. Бурҳонов яхлит асар тарзида «Гўзал қизга» номи билан жўрсиз хор учун қайта ишлаган. «Лазги», «Айтсамми, ё айтмасам», «Қурбон ўлам» ашулалари қатори Хоразм воҳаси мусиқа услуби Кавказ халқпари (Озарбайжон, Доғистон) мусиқаси билан ўзаро яқинлигини ва ижодий таъсирини ифодалайди.