ГАНГРЕНА (юн. gangraina — ириш) , қорасон — тирик тана, аъзо ёки тўқималар бир қисмининг ириб нобуд бўлиши, некрозннш бир тури. Барча тўқима ва аъзоларда (тери, тери ости ёғ қатлами, мускуллар, ичак, ўт пуфаги, ўпка), кўпинча қўл-оёқ ва қорин бўшлиғидаги аъзоларда учрайди. Гангрена асосан қон томирлари кам бўлган соҳа ва аъзолар (мас, бармоқлар, қўл-оёқ панжаси, қулоқ чиғаноғи)да тез ривожланади. Тўқима ва аъзоларнинг эзилиши, совуқуриши, куйиши, уларга қон келмай қолиши, қон томирларига тромб, эмбол (қ. Тромбоз, Эмболия) тиқилиб қолиши (томирлар жароҳатланиши ёки атеросклерозда торайиши ва б.), турли механик, кимёвий (кислота, ишқор таъсири) ва физик омиллар (50° дан юқори ёки 20° дан паст т-ра, альфа ё бета-нурлар) Гангренага сабаб бўлиши мумкин. Юрак-томир фаолиятининг, моддалар ал машину вининг бузи лиши, авитаминозлар, чекиш. спиртли ичимликларга ружу қилиш ва б. ҳам Гангренага олиб келиши мумкин. Қуруқ, ҳўл ва газли Г. (қ. Газли гангрена) фарқ қилинади. Ҳалок бўлган тўқимага қон кам келиши ва шу жойдаги тўқима суюқлигининг буғланиши сабабли тўқима намлиги тез камайганда қуруқ Гангрена вужудга келади; веналар ишлаб тургани ҳолда артерия беркллиб қолиб, ириган тўқима қурийди, қотади, буришади. Ириган тўқима қуриб қолгунча чиритувчи микроблар тушса, қуруқ Гангрена ҳўл Гангренага айланади. Тўқима суюқлиги кўп бўлиб, ириш жараёни секин-аста авж олганда ҳам ҳўл Гангрена рўй беради. У кўпинча ички аъзолар (ўпка, ичак)да пайдо бўлади. Қўл-оёқ учидаги ириган тўқиманинг қуришига ташқи шароит имкон бермаганда ҳам ҳўл Гангрена кузатилади. Бунда рангсиз-кўкимтир терида қизғиш ва қорамтир веналар кўринади, ҳар жой-ҳар жойда эпидермис кўчиб, ўрни пилчираб туради. Ҳўл Гангрена ўз вақтида даволанмаса, тўқима тобора ириб, турли нохушликларга олиб келади. Даво асосан Гангрена хавфини туғдирувчи касалликни даволашдан иборат; турли дори-дармонлар, антибиотиклар ва жарроҳлик усули қўлланилади. Гангренанинг олдини олиш учун касалликка хос илк аломатлар пайдо бўлганда дарҳол врачга мурожаат этиш лозим.
Ҳайвонларда Гангрена кўпроқ ўпка, ичак-қорин, тери, елин, бармоқ, қулоқ чиғаноғи ва думда учрайди. Терининг Гангрена бўлган қисми қуриб қотади, жигарранг ва қора тусга киради. Касаллик оғир ўтганда, тери кўкариб қораяди, шишади, тўқималар юмшаб, ирий бошлайди, қон аралаш ифлос суюқлик оқади, гавда ҳарорати кўтарилади, юрак фаолияти бузилади, нафас олиш қийинлашади, иштаҳа йўқолади.
Давоси: қуруқ Гангренада пиоктаниннинг спиртдаги 2—3% ли эритмаси, генци-анвиолет, дерматол, висмут, ксероформ, оқ стрептоцид ишлатилади. Ҳўл Гангренада эса некрознинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва ириган тўқималарни тезда ажратиб олиш мақсадида қуруқ ҳаво ванналари, соллюкс, новокаин блокадаси ва б. дан фойдаланилади.