ГАВАНА — Кубанинг пойтахти. Гавана провинциясининг маъмурий, муҳим иқтисодий, сиёсий ва маданий маркази. Куба о. нинг шим.ғарбида, Мексика қўлтиғи соҳилида. Гавана шаҳар атрофи билан Катта Гаванани ташкил қилади. Аҳолиси 2,3 млн. киши (1997).
Гаванага 1515 й. да асос солинган. 1592 й. дан шаҳар ва Испания губернаторининг қароргоҳи. 16-а. охиридан Г. Испаниянинг Антил о. ларидаги энг катта порти. 1762 й. да Гаванани ва бутун Кубани инглизлар босиб олди. 1763 й. да яна испанлар қўлига ўтди. 18—19-а. ларда Г. Антил о. ларидаги қуллар бозорининг йирик маркази бўлди. 1902 й. дан Куба Республикаси пойтахти.
Гавана мамлакатнинг энг йирик транспорт йўллари тугуни. Гавана порти орқали Кубанинг 3/5 импорти ва 1/4 экспорти ўтади. Шаҳар асосий т. й. магистрали ва мамлакатни ғарбдан шарққа кесиб ўтадиган бош автострада устида жойлашган. Жан.ғарбий чеккасида Хосе Марти халқаро аэропорти жойлашган. Гавана мамлакат саноат маҳсулотининг қарийб ярмини беради. Корхоналарнинг кўпчилиги шаҳар четида. Тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати кўпроқ ривожланган. Тикувчилик, металлсозлик, кема ремонти, кимё саноати корхоналари ҳам бор. Пўлат қуйиш, авторемонт, нефтни қайта ишлаш ва б. з-длар мавжуд. Иирик бинолари: Миллий капитолий, «Гавана Либре» ва «Гавана Ривьера» меҳмонхоналари. Гаванадель-Эсте турар жой р-ни қурилган.
Гаванада ун-т (1728), ФА (1962), техника, қ. х., иқгисод, пед. интлари, кутубхоналар, театрлар бор. Йирик музейлари: Миллий музей, Л. Монтане, Антропология музейи, Э. Хемингуэй уй-музейи ва б.